Краснодар ўлкасининг Ейск шаҳридаги тўққиз қаватли уйга ҳарбий самолёт қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 13 нафарни ташкил этмоқда, шундан уч нафари болалар. Ҳарбий самолёт қулаш чоғида тўққиз қаватли турар жой биносига тегиб ўтган. Қутқарувчилар ҳудудни тозалаш ишларини тонгга келиб якунлашган.
Фото: RIA Novosti
«ФВВ маълумотига кўра, Ейскда самолёт қулаган жой харобаларида олиб борилган ишлар давомида қурбонлар жасадлари аниқланган. 18 октябр куни соат 6:00 ҳолатига кўра ҳалокат қурбонлари сони 13 нафарни ташкил этмоқда, шундан уч нафари болалар. 19 киши яраланган, уларнинг тўрт нафари Краснодар ўлкаси шифохонасига олиб кетилган, қолганлар Ейскдаги шифохонада даволанишда давом этмоқда», — дея хабар берган РФ соғлиқни сақлаш вазири ёрдамчиси Алексей Кузнецов.
Дастлабки хабарларда қурбонлар сони уч нафар экани айтилаётганди. Россия ФВВ матбуот хизмати қидирув ишлари вақтида яна 10 кишининг жасади топилганини маълум қилган.
Қидирув ишлари давомида 68 киши қутқарилгани, 360 дан ортиқ киши эвакуация қилингани айтилган.
