Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иқтисодиёт тармоқларида биржа механизмларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда биржа савдоларини тартибга солиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ–430-сонли қарори қабул қилинди.
Муҳим ҳужжатга кўра эндиликда:
- тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишда уларни бир вақтнинг ўзида биржа тизимида аккредитациядан ўтказиш тартиби жорий этилади;
- хорижий етказиб берувчилар томонидан давлат харидлари тизимида иштирок этиш учун мажбурий тартибда электрон рақамли имзо олиш талаби бекор қилинади;
- тадбиркорларнинг юқори ликвидли ва монопол бўлмаган маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш учун истиқболли товарлар секцияси ташкил этилади;
- тадбиркорларга, ўз хоҳишига кўра, биржадан ташқари тузилган шартномалар бўйича биржанинг ҳисоб-китоб-клиринг тизими орқали кафолатли ҳисоб-китоб хизматидан фойдаланиш имконияти яратилади;
- маҳсулотларни “форвард” битимлари асосида сотиш тартиби биржа савдолари орқали тузиладиган экспорт-импорт шартномаларига нисбатан ҳам қўлланилади.
2022 йилнинг 1 декабридан 2024 йилнинг 1 январигача эса қуйидаги товарлар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали реализация қилинади:
- монопол ва давлат иштирокидаги ташкилотлар томонидан ишлаб чиқарилган пўлат шар, металл лист прокати, суюқ углерод оксиди, техник кислород, каустик сода, нефт кокси, синтетик нафта, барда – ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи;
- монопол бўлмаган ва устав фондида давлат улуши 50 фоиздан кам бўлган ёки давлат улуши мавжуд бўлмаган юридик шахслар томонидан ишлаб чиқарилган металл лист прокати ва цемент – ишлаб чиқариш ҳажмининг камида 50 фоизи;
- пахтадан олинган чигит, пахта мойи (экстракция пахта мойи), қайта ишланган чигит чиқиндилари (шрот, шелуха) ва истеъмол этил спирти – ишлаб чиқариш ҳажмининг 100 фоизи.
Угулжан Муйдинова,
Косонсой тумани адлия бўлими
Давлат хизматлари маркази шўба мудири.