Аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида Республикамизда 2024 йил 1 декабрдан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Камбағал оилалар реестри шакллантирилади, ушбу реестр «маҳалла еттилиги» томонидан камбағал оилаларнинг ижтимоий шароити ва камбағалликка тушиш сабабларини ўрганиш орқали амалга оширилади.
Ушбу реестр Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги ПФ-143-сонли Фармони асосида шакллантирилади
Мазкур Фармон камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.
Унга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 млн нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Фармонда “Камбағалликдан фаровонлик сари“ дастури амалга оширилиши ва ушбу дастурини амалга ошириш бўйича республика комиссияси ташкил этилиши белгиланган
«Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури қуйидагиларни назарда тутувчи «Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият» тамойили асосида амалга оширилади:
- барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш;
- таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш;
- кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш;
- ижтимоий хизматлардан фойдаланиш;
- яшаш шароитларини яхшилаш;
- давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш;
- давлат органлари ходимлари билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш.
- кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдам олаётган оилаларнинг расмий банд бўлмаган аъзолари ишга жойлашганда, ўзини ўзи банд қилганда ёки тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйганда ушбу нафақа ва моддий ёрдамни уларнинг муддати тугагунга қадар, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўлаш давом эттирилади;
- меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1,5 бараваридан кам бўлмаган ойлик иш ҳақи тўланган ҳолда ишга жойлашган Камбағал оилалар реестрига киритилган оила аъзоси учун ижтимоий солиқ уч йил давомида 1 фоиз ставкада тўланади;
- камбағал оилаларга кўмак чоралари ижтимоий шартнома асосида меҳнатга лаёқатли оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш, ўз томорқасидан самарали фойдаланиш , оила аъзоларини билим олиши, касб-ҳунар ва хорижий тилларни ўрганиши ҳамда соғлиғини назоратга олиши, уй-жойини озода тутиши каби шартлар инобатга олинган ҳолда кўрсатилади.
Косонсой туман Адлия булими Давлат хизматлари маркази шўъба мудири А.А.Шодмонов